1. Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар.Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.
2. Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.
3. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.
4. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.
5. Албатта, бу ҳолат, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмаган бўлсалар ҳам, Роббинг сени ҳақ ила уйингдан чиқарганга ўхшайди. (Яъни, уйингдан Бадрга уруш қилиш учун чиқарганга ўхшайди. Ушбу икки иш - ўлжани бўлиш ва ғазотга чиқишнинг бир-бирига ўхшашликлари бор. Ўлжа тақсимоти бир гуруҳ мўминларга ёқмаганидек урушга чиқиш ҳам баъзи бир мўминларга ёқмаган эди.)
6. Худди ўзлари кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдалаётгандек, ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам сен билан баҳслашарлар. (Ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам, яъни, уруш бўлиши аён бўлиб қолгандан кейин ҳам. Чунки Абу Суфён карвонни бошқа томонга буриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетганининг ва қурайшликлар аскар тортиб келаётганининг аниқ хабари етган эди. Шундай бўлса ҳам, баъзилар биз карвонни қасд қилиб чиққан эдик, урушга тайёр эмасмиз, деб сен билан баҳс қилдилар. Агар урушга борсак, албатта, ўламиз, деб ўйладилар.)
7. Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта, сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингиз. Аллоҳ эса, Ўз калималари ила ҳақни ҳақ қилишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди. (Яъни, Бадр томон юрган вақтингизда, икки тоифадан бири–ёки Абу Суфённинг карвони ёки Қурайш лашкарлари сизники бўлишини Аллоҳ ваъда қилган эди.)
8. Жиноятчилар ёқтирмасалар ҳам, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун шундай бўлишини ирода қилган эди.
9. Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сўровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», деди.(Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мадад учун фаришталарни юборганлиги ҳақида мавзуларда энг ишончли манба Қуръони Карим ва ҳадиси шариф бўлади. Икрима ва Ибн Аббос (р.а.)лардан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар (с.а.в.) Бадр куни:-Мана бу Жиброил отининг бошидан тутиб устида уруш анжомлари билан келмоқда, дедилар.)
10. Аллоҳ у(мадад)ни башорат ва қалбларингиз у билан хотиржам бўлиши учунгина қилди. Ғалаба эса, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.
11. Ўшанда У сизни Ўзидан омонлик қилиб, мудроқ ила ўраган эди ва сизни поклаш, сиздан шайтоннинг васвасасини кетказиш ҳамда қалбларингизни боғлаш ва қадамларингизни собит қилиш учун устингизга осмондан сув туширган эди. (Мусулмонларга ажойиб бир руҳий ҳолат пайдо бўлди ўшанда. Ҳозиргина қўрқиб, хавсираб турган одамлар бир мудроқдан кейин қалблари тўла сокинлик, ўзлари ҳотиржам, душмандан заррача қўрқмайдиган ҳолга келдилар. Мудроқ босиш ҳолати Пайғамбаримизда (с.а.в.) қандай кечгани Имоми Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида бундай ривоят қилинган: «Бадр уруши куни Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) билан капада дуо қилиб турганларида Расулуллоҳни (с.а.в.) мудроқ босди. У киши кулиб уйғондилар. «Суюнавер, эй Абу Бакр, Жаброил отда икки томонидан чанг чиқариб келмоқда», дедилар. Сўнгра кападан «Тезда бу жамоат енгилади ва орқага қараб қочурлар», деган оятни ўқиб чиқдилар». Сувсизликдан, шайтоннинг васвасасидан етган заифликни кетказиш, собитқадам қилиш учун Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди.)
12. Ўшанда Роббингиз фаришталарга: «Мен, албатта, сиз биланман, бас, сиз иймон келтирганларни собит қилинг, тезда куфр келтирганларнинг қалбларига қўрқинч соламан. Бас, бўйинлар устидан зарба беринглар ва ҳамма бармоқларига зарба беринглар», деб ваҳий қилган эди.
13. Бу уларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турганлари учундир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига қарши турса, бас, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.
14. Мана шу сизники, тортаверинглар! Албатта, кофирларга дўзах азоби бордир.
15. Эй иймон келтирганлар, куфр келтирганларга яқинлашиб, юзма-юз келганингизда уларга орқа ўгирмангиз.
16. Кимки ўша кунда жанг ҳунари кўрсатиб ёки бошқа гуруҳга қўшилмоқчи бўлган ҳолатдан ташқари уларга орқа ўгириб қочса, бас, батаҳқиқ, Аллоҳдан бўлган ғазаб ила қайтибди. Унинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой.
17. Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайитингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди. Ва мўминларни гўзал синов ила синаш учун (шундай қилди). Албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Бадр урушида Пайғамбаримиз (с.а.в.) сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) бу ҳақда шундай ривоят қиладилар: «Бадр куни Расулуллоҳ (с.а.в.) қўлларини кўтариб: «Эй бор Худоё, агар ушбу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида сенга ибодат қиладиган одам қолмайди...» деб дуо қилдилар. Жаброил келиб у кишига: «Бир сиқим тупроқ олиб, уларнинг юзига қараб от!» деди. Бир сиқим тупроқ олиб, уларга отдилар. Кўзига ва оғзи-бурнига тупроқ кирмаган бирорта ҳам мушрик қолмади. Шундан кейин ортларига қараб қоча бошладилар».)
18. Ана ўшалар (нинг сизга бўлиши) Аллоҳ, албатта, кофирларнинг ҳийласини заиф қилгувчи бўлганидандир.
19. Агар орани очишни сўраган бўлсангиз, бас, батаҳқиқ сизга орани очиш келди. Агар тўхтасангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Агар сиз қайтсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Сизнинг гуруҳингиз қанча кўп бўлса ҳам, сизга ҳеч бир ҳожатингизни чиқара олмас. Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир.
20. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилингиз ва эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз.
21. Ва ўзлари эшитмасалар ҳам, «эшитдик» деганлар каби бўлмангиз.
22. Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг энг ёмони, албатта, кару соқов бўлиб, ақл ишлатмайдиганлардир.
23. Агар Аллоҳ уларда бирор яхшиликни билганида, албатта, эшиттирар эди ва агар уларга эшиттирса ҳам, албатта, юз ўгириб, бурилиб кетар эдилар. (Аллоҳ таоло улардан бирор яхшилик чиқишини билганида эди, албатта, уларни эшитганидан фойда оладиган қилиб қўйган бўларди. Аммо уларнинг табиатлари бузуқлигини, эшитсалар ҳам, юз ўгириб кетишларини билгани учун ҳам Аллоҳ бундай қилмади.)
24. Эй иймон келтирганлар! Сизга ҳаёт берадиган нарсага чақирганларида Аллоҳ ва Расулига жавоб беринг ва билинки, албатта, Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди ва, албатта, Унинг ҳузурида тўпланурсиз. («Ҳаёт берадиган нарса»–иймон ва Исломдир. Қуръони Карим таъбири бўйича, ҳақиқий ҳаёт иймон ва Исломдир. Инсон буларсиз ўликдир. Аллоҳ инсон билан қалбининг орасини ажратгандан кейин у ўзини ўнглай олмай қолади. Инсон ўз қалбига молик бўла олмай қолмайди.)
25. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.
26. Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки шукр қилсангиз. (Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда қийин пайтларида ҳам Ўзи ёрдам берганини эслатмоқда. Исломий даъватнинг бошланишида мусулмонлар оз сонли, заифҳол эдилар. Маккада қўрқиб бекиниб юрардилар.)
27. Эй иймон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга, Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг. (Аллоҳга хиёнат–«Ла илаҳа илаллоҳ», деб иймонга келган шахснинг ана ўша «Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ» шиорига хилоф қилишидир. Аллоҳдан ўзганинг йўлига юриш, Аллоҳ фарз қилган амалларни тарк этиш, қайтарганларидан қайтмаслик ва бошқа гуноҳлар Аллоҳга хийнат қилиш бўлади. Пайғамбарга хиёнат қилиш эса, «Муҳаммадун Расулуллоҳ»-га хилоф қилишдир. Пайғамбаримизни (с.а.в.) шариатларига юрмаслик, суннатларига амал қилмасликдир. Кишилар орасида бўладиган муомалаларда омонатлар бор. Муомалалар шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқача бўлиши мумкин. Уларнинг ҳаммасида ҳам бировга бир нима ишониб топширилса, омонат бўлади. Уни ўз ўрнига қўя олмаслик хиёнат ҳисобланади.)
28. Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир. (Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматлари.)
29. Эй иймон келтирганлар! Агар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради, сизнинг гуноҳларингизни ювиб, мағфират қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.
30. Куфр келтирганларнинг сени ушлаш, ўлдириш ёки чиқариб юбориш учун макр қилганларини эсла. Улар макр қилдилар ва Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир. (Уламоларимиз Аллоҳга «маккор» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан қўлланилгани каби тушунмаслик керак.)
31. Уларга оятларимиз тиловат қилинса: «Батаҳқиқ, эшитдик, агар ҳоҳласак, бунга ўхшашни ўзимиз ҳам айтамиз. Бу аввалгиларнинг афсонасидан ўзга нарса эмас», дерлар.
32. «Эй бор Худоё, агар мана шу Сенинг ҳузурингдан келган ҳақ бўлса, устимизга осмондан тош ёғдиргин ёки бизга аламли азоб юборгин», деганларини эсла.
33. Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас.
34. Нега энди Аллоҳ уларни азобламас экан. Улар Масжидул Ҳаромдан тўсмоқдалар. Ҳолбуки, унинг валийлари эмаслар. Унинг валийлари тақводорлардан ўзга ҳеч ким эмас. Лекин кўплари билмайдилар.
35. Уларнинг байт олдидаги намозлари ҳуштак ва қарсак чалишдан иборат эди, холос. Бас, куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг. (Мушриклар Байтуллоҳнинг валий-мутасаддилари бўлса, ибодатлари хуштак ва чапак чалишдан иборат бўлармиди? Бу ишда на Байтуллоҳга ҳурмат-эҳтиром бор ва на Аллоҳга ибодат. Фақат овоз чиқариш, тўс-тўполон қилиш. Шунинг учун ҳам оятнинг сўнгида уларга хитобан:«Бас куфр келтирганингиз туфайли азобни татиб кўринг», дейилмоқда.)(Яъни, Бадр урушидаги азобни татиб туринг, қолганини қиёматда оласиз.)
36. Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфларлар. Бас, уларни сарфлайдилар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўладир, кейин маблуғ бўларлар. Куфр келтирганлар жаҳаннамга тўпланурлар. (Ушбу сураи карима тафсири муқаддимасида келтирилган Бадр уруши ҳақидаги ривоятларда Макка мушрикларининг бойлари мусулмонларга, Пайғамбарга (с.а.в.) қарши қанчалик молу мулк сарифлаганликларини кўриб ўтдик. Кофирлар одамларини Аллоҳнинг йўлидан қайтариш учун ундан кейин ҳам, ҳозир ҳам ҳисобсиз маблағларини сарфламоқдалар. Улар ўзларича, бу харажатларни эзгулик йўлида, савоб учун сарфлаяпмиз, деб ўйлайдилар. Улар хоҳлаганларича сарфлайверсинлар, лекин бир куни келиб, худди шу сарфлаган моллари ўзларига ҳасратнадомат бўлиб қайтади. Бунга Бадр урушига харжланган моллар мисол бўла олади. Минг-минглаб сарф қилсалар ҳам, мақсадларига эриша олмай, мағлуб бўлдилар. Охиратда эса, жаҳаннамда тўпланадилар.)
37. Аллоҳ покдан нопокни айириши учун ва нопокнинг баъзиси устига баъзисини тахлаб, ҳаммасини жаҳаннамга ташлаши учун. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир. (Аллоҳ таоло кофирларни у дунёда жаҳаннамга тўплайди, уларни пок–жаннати мўминлардан ажратиб олиш учун, худди ўтинни тахлагандек, бир-бирларининг устига тахлаб туриб, дўзахга ташлаш учун тўплайди. Ҳақиқий зиён кўрувчилар ана шулар бўлади.)
38. Куфр келтирганларга айт, агар тўхтасалар, ўтган нарсалар мағфират қилинур ва агар қайтадиган бўлсалар, бас, батаҳқиқ, аввалгиларнинг суннати ўтган.
39. Ва улар билан то фитна бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча, уруш қилинг. Агар тўхтасалар, бас, Аллоҳ, албатта, нима қилаётганларини кўриб тургувчи зотдир.
40. Агар юз ўгирсалар, бас, билгинки, албатта, Аллоҳ хожангиздир. У қандай ҳам яхши хожа ва қандай ҳам яхши нусрат бергувчи!
41. Ва агар Аллоҳга, фурқон куни-икки жамоат тўқнашган куни бандамизга нозил қилган нарсамизга иймон келтирган бўлсангиз, билингки, ўлжага олган нарсангиздан бешдан бири Аллоҳга, Расулига, яқинларига, етимларга, мискинларга ва мусофирларгадир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. («Фурқон куни-икки жамоат тўқнашган куни»дан мурод Бадр уруши кунидир. Чунки айни ўша кун Аллоҳ таоло ҳақ билан ботилни фарқ қилган, ажратган кундир. Ўша кун мусулмонлар билан мушриклар тўқнашган кундир. Оятда Бадр уруши куни Расулуллоҳга нозил қилинган оятларга иймон келтиришлик Аллоҳга иймон келтириш билан бирга зикр этилмоқда. Ўша куни нозил қилинган ояти карималар ўлжани тақсимлашга ҳам тааллуқли эди. Ана ўша оятлардаги ҳукмларга амал қилсалар, иймонлари борлигига далолат бўлиши таъкидланмоқда.Жиҳод пайтида қўлга тушган ўлжаларнинг бешдан тўрти мужоҳидларга бўлиб берилади. Қолган бир қисми эса, ушбу оятда зикр қилинган тоифаларга ажратилади:)
42. Ўшанда сизлар (водийнинг Мадинага) яқин тарафида, улар узоқ тарафида, отлиқлар эса, сиздан пастда эди. Агар ваъдалашиб олганингизда ҳам, келишилган жой ва вақтда хилоф қилардингиз. Лекин Аллоҳ қилиниш керак бўлган ишни ҳал этиш учун, ҳалок бўладиган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан ҳалок, бўлиши учун, яшаши керак бўлган одам очиқ-ойдин ҳужжат билан яшаши учун (тўқнашдингиз). Ва, албатта, Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зотдир. (Яъни, Бадр уруши куни сизлар, эй мусулмонлар, водийнинг Мадинага яқин тарафига келиб тушдингиз. Мушриклар водийнинг Мадинадан узоқ тарафига келиб тушдилар. Карвондаги отлиқлар эса, сиз турган жойнинг пастроғидан юриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетди. Сиз билан мушриклар ўртасида тепалик бўлиб, бир-бирингизни кўрмас эдингиз.)
43. Ўшанда Аллоҳ тушингда уларни сенга оз кўрсатди. Агар уларни сенга кўп кўрсатганида, тушкунликка учрар эдингизлар ва бу ишда ораларингизда низо чиқар эди. Лекин Аллоҳ сақлади. Албатта, У дилингиздаги нарсани билгувчи зотдир.
44. Ўшанда, тўқнашганингизда уларни сизнинг кўзингизга оз қилиб кўрсатганини, сизни уларнинг кўзига оз қилиб кўрсатганини эсланг. Буни Аллоҳ қилиниши керак бўлган ишни ҳал этиш учун қилди. Ва барча ишлар Аллоҳга қайтарилур. (Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) кўрган тушлари рост чиқди. Аллоҳ таоло мусулмонларга кўп сонли мушрикларни оз қилиб кўрсатди. Аллоҳ таоло мушрикларга оз сонли мусулмонларни яна ҳам камайтиб кўрсатди. Улар биз кўпмиз, мусулмонлар оз экан, деб ғурурга кетишди ва ғафлатда қолиб, мағлуб бўлишди.)
45. Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз.
46. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. (Ғалаба омилларидан бири–Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилиш бўлиб, у нафақат уруш майдонидаги, балки барча соҳалардаги ғалаба ва муваффақиятларнинг асосий гаровидир. Маълумки, урушда қўмондоликка итоат катта аҳамиятга эга. Бу оддий бандаларга итоат ҳақидагаи гап. Энди оламларнинг яратгувчиси ва тадбирини қилгувчисига, у зотнинг танлаб олган охирги Пайғамбари Муҳаммадга (с.а.в.) бўладиган итоат қанчалар улуғ эканини, қанчалик муваффақиятлар гарови эканини ўзимиз билиб олаверишимиз керак.)
47. Ва диёрларидан кибру ҳаво билан, одамларга риё учун чиқиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга ўхшаманг. Аллоҳ нима қилаётганларини иҳота қилгувчидир. (Ушбу ояти каримада кофирларга, жумладан, Маккадан Бадрга қараб отланган қурайшликларга ишора қилинмоқда. Улар урушга катта дабдаба билан борардилар. Кибру ҳаволари дунёни оларди. Қаерга тушсалар, туялар сўйишар, ўйинчи қизларни ўйнатиб, қўшиқ айттиришар, одамларни меҳмон қилишар эди. Бу дабдабалар риё учун, куч -қувватларини бошқаларга кўрсатиш учун эди.)
48. Ўшанда шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатди ва: «Бу кунда одамлардан сизга ғолиб кела оладиган ҳеч ким йўқ. Мен сизнинг ҳомийингизман», деди. Икки жамоа бир-бирини кўрганида эса, орқасига қайтди ва: «Албатта, мен сиз кўрмаётган нарсани кўрмоқдаман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир»,деди. (Яъни, мусулмонлар бир томондан, мушриклар бошқа бир томондан жанг майдонига қараб юриб, бир-бирларига яқин келганда эса, шайтон орқасига қараб қочди. Мушрикларни васваса қилиш, уларнинг ишини зийнатлаб кўрсатиш тўхтади. Демак, шайтон мушриклар мағлубиятга учрашлари шубҳасиз эканлигини кўрган, шунинг учун қочган.)
49. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлганлар: «Анавиларни дини мағрур қилиб юборди», дедилар. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.
50. Агар фаришталар куфр келтирганларнинг жонини олатуриб, юзларига ва кетларига уриб: «Ёнғин азобини тотинг !
51. Бу қўлингиз тақдим қилган нарса туфайлидир. Албатта, Аллоҳ бандаларига ҳеч зулм қилгувчи эмасдир», дейишларини кўрсанг эди.
52. Худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишларига ўхшайдир. Аллоҳнинг оятига куфр келтирдилар. Бас, Аллоҳ уларни гуноҳлари туфайли тутди. Албатта, Аллоҳ кучли ва иқоби шиддатли зотдир.(Яъни, мушрикларнинг бу қилмиши, худди оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишларига ўхшайди.)
53. Бундай бўлиши Аллоҳ бир қавмга берган неъматини токи улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи бўлмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи зот бўлганидандир.
54. Худди Оли Фиръавн ва улардан олдингиларнинг қилмишига ўхшаб, Роббиларининг оятларини ёлғонга чиқардилар. Бас, Биз уларни гуноҳлари туфайли ҳалок қилдик ва Оли Фиръавни ғарқ қилдик. Ҳаммалари золим эдилар.
55. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг ёмони куфр келтирганларидир. Бас, улар иймон келтирмаслар. (Иймон бўлмаган жойда яхшилик қаердан бўлсин. Яратган холиққа–Аллоҳга ишонмай юрган одамдан ҳар қандай ёмонликни кутиш мумкин. Бундай одам иймонсиз–кофир бўлгани учун ҳайвондан ҳам паст даражага тушиб қолади. Тушганда ҳам, Аллоҳнинг ҳузурида тушади. Бу эса, ҳар қандай инсон учун бадбахтликдир.)
56. Улардан сен аҳдлашганлар сўнгра ҳар сафар аҳдларини бузарлар ва улар (Аллоҳдан) қўрқмаслар. (Бу қилмишлари билан яна бир инсонийлик хусусиятларини йўқотадилар. Яъни, аҳдда туриш инсонни ҳайвондан ажратадиган хусусиятларидан бири саналади. Кофирлар аҳдни бузиш билан шу сифатни ҳам йўқотдилар. Бу қилмишларига бош сабаб уларнинг Аллоҳдан қўрқмасликларидир.)
57. Агар урушда улардан зафар қозонсанг, бас, уларни ҳалок қилиш билан ортларидагиларни сарсон қилиб қўй, шоядки эсласалар.
58. Агар бир қавмнинг хиёнатидан қўрқадиган бўлсанг, уларга тенгма-тенг (аҳд бузилганини) ўртага ташла. Албатта, Аллоҳ хоинларни севмас. (Яъни, бирор кофир қавм билан аҳдлашган бўлсанг, аммо содир бўлаётган гап-сўз ва тасарруфлардан, баъзи бир маълумотлардан аҳдга хиёнат қилаётганларини билиб қолсанг, уларга аҳд икки томондан баробар бузилганини билдир. Аҳдга ишониб, хотиржам турган томонга ёмонлик қилиш хоинлик бўлади.)
59. Куфр келтирганлар ўздик деб ўйламасинлар. Улар ҳеч қочиб қутула олмайдилар.
60. Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади.)
61. Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам мойил бўл. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.
62. Агар сени алдашни ирода қилсалар, бас, сенга Аллоҳ кифоя қиладир. У сени Ўз нусрати ва мўминлар билан қўллаган.
63. Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. (Бу масалалар халқлар бошига битган бало бўлгани ҳаммага маълум.) Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат асосида бўлади.)
64. Эй Набий, сенга ва сенга эргашганлар мўминларга Аллоҳ кифоядир.
65. Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир. Бу улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир.
66. Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир. (Мусулмонлар доимо қувватли бўлиб туравермас эканлар, уларда заифлик ҳоллари ҳам учраб тураркан. Буни Аллоҳ таоло ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун аввалги оятда келган ҳукмни енгиллаштириб, заиф ҳолатида бир мусулмон жангчи иккита душманга ғолиб келишини таъкидламоқда. Шу билан бирга, номи мусулмон бўлса бўлди, деган тушунча уйғонмаслиги учун «Аллоҳнинг изни ила» шарти ҳам қўшиб қўйилди.)
67. Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши яхши эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи матоҳини истарсизлар. Аллоҳ эса, охиратни истар. Ва Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Ушбу ва кейинги ояти карималар Бадр урушида асирга тушган мушриклар масаласида нозил бўлгандир.)
68. Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, сизга олган нарсаларингиз туфайли улуғ азоб етар эди. (Аллоҳ таоло аввалдан Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини кечиб юборган эди. Шунинг учун уларнинг бу холатлари ҳам олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга биноан кечиб юборилди. Бунинг устига, уларга бошқа инъомлар ҳам берди.)
69. Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир.
70. Эй Набий, қўлингиздаги асирларга: «Агар Аллоҳ қалбларингизда яхшилик борлигини билса, сизга ўзингиздан олинган нарсадан кўра яхшироқ нарсани берур ва сизни мағфират қилур. Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деб айт! («Қурайшликлар Расулуллоҳга (с.а.в.) асирларни тўловини бериб, озод қилиш учун одам юбордилар. Аббос: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мусулмон эдим», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мусулмонлигингни Аллоҳ билади.Аммо сен сиртдан бизга қарши бўлдинг. Ўзинг учун, акаларингнинг ўғиллари учун ҳамда иттифоқдошинг Бани Ҳорис ибн Феҳрнинг укаси учун тўлов бер», дедилар. Аббос: Эй Аллоҳнинг Расули, менда унча мол йўқ», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Умму Фазл икковингиз кўмган моллар қани?» дедилар. Аббос: «Аллоҳга қасамки, эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг Расули эканингизни яхши биламан, бу молларни мен ва Умму Фазлдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Мендаги молнинг йигирма уқияси ўзингизга ўтди деб ҳисоблайверинг», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Йўқ, у бойлик Аллоҳ сендан бизга олиб берганидир»,–дедилар. Аббос ўзига, икки акасининг икки ўғлига ва иттифоқдошига тўлов берди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятини нозил қилди.)
71. Агар сенга хиёнат қилишни истасалар, батаҳқиқ, бундан олдин Аллоҳга хиёнат қилган эдилар. Бас У уларга қарши имкон топди. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир.
72. Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир.(Исломда «вала»-валийлик ақида асосида бўлади. Ким мўмин-мусулмон бўлиб, Исломга кирар экан, бошқа ҳамма восита ва алоқалардан узилиб, ақида ила боғланади. Барча мўмин-мусулмонлар унинг валийсига айланади. Қариндошлари мўмин бўлмаса, валий эмаслар; жамияти мўмин бўлмаса, валий эмас.)
73. Куфр келтирганлар бир-бирларига валийдирлар. Агар (мазкур нарсани) қилмасангиз, ер юзида фитна ва катта фасод бўладир.
74. Иймон келтирган, ҳижрат этган, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар ҳақ мўминлардир. Улар учун мағфират ва карамли ризқ бордир.
75. Кейин иймон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан жиҳод қилганлар ҳам сизлардандир. Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир.( ҳижратнинг аввалида мерос маълум муддат мусулмон биродарлиги асосида тақсимланган. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, мерос мусулмон қариндошлар орасида бўладиган бўлди.)