Аллоҳ ер юзида юзага чиқарган барча воқеаларни маълум сабабларга боғлаган. Дунёдаги ва атрофдаги барча воқеалар Аллоҳнинг низоми асосида рўй беради. Аллоҳ иборали дуо билан ёнма - ён одамларнинг ўз ҳаракати билан дуоларининг қабулини қанчалик истаётганларини кўрсатишларини истайди. Бу феълий дуодир. Феълий дуо кишининг бирор орзусига етиш учун Аллоҳга дуо қилиб, кейин имкони борича ҳаракат қилишдир. Масалан имтиҳондан муваффақиятли ўтишни истаймиз. Бунинг учун фақат дуо қилиш билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Аллоҳга дуо қилиб имтиҳонларга тайёрланишимиз зарур. Тайёрланишдан аввал Аллоҳдан бизга ўткир зеҳн беришини исташимиз, тайёрланиб бўлгач эса имтиҳонларни осонлаштиришини сўрашимиз иборали дуодир. Имтиҳонга тайёрланиш эса иборали дуони қувватловчи феълий дуодир. Феълий дуо иборали дуо билан бирга қилиниши керак бўлган ибодатдир. Иборали ва феълий дуога яна бир мисол тавбадир. Кишининг бирор гуноҳ учун тавба қилиши, Аллоҳдан мағфират тилаши иборали дуодир. Лекин бу билан унинг масъулияти тугамайди. Гуноҳлари учун тавба қилган одам, бундай кейин ҳаракатларини, амалларини, сўзларини назорат қилиши, қисқаси ўз устидан ўзи ҳоким бўлиши лозим. Қисқаси тавба қилган нарсаларига асло қайтмаслик учун имкониятининг охирги даражасигача ҳаракат қилиши лозим. Бу унинг феълий дуоси бўлади.
Бирор ишнинг юзага чиқиши учун фақат иборали дуо билан чекланиб қолган кишининг ҳаракати қанчалик нотўғри бўлса, ишлари амалга ошиши учун ҳаракат қилиб, бу ишни ўзим бажардим деб дуо қилмаган кишининг ҳаракати ҳам шунчалик нотўғри.