Дуонинг Макони ва Замони

Аллоҳ таоло Қуръонда дуо қилиш одобидан таълим берган оятларга кўра мўмин Аллоҳ уни кўриб, эшитиб турганини ҳис қилиб Унга умид ва қўрқув билан дуо қилади. Қуръонда дуо қилиш учун маълум вақт белгиланмаган. Кишининг Аллоҳга юзланиб илтижо қилиши бу ибодат вақти –соати келганини кўрсатади. Одам боласининг истак ва эҳтиёжлари кўплиги боис дуоси ҳам кўп бўлади. Шу сабабли дуонинг маълум вақти тайин қилинмаган. Одам қачон дуога эҳтиёж сезса ўша вақтдаёқ дуо қилиши мумкин. Фақат Қуръонда фазилатли вақтлар баъзи оятларда қисқача айтиб ўтилган:

«(Тақводорлар) сабр қилувчилар, содиқлар, доимий тоат қилувчилар, нафақа қилувчилар ва саҳарларда истиғфор айтувчилардир» («Оли Имрон», 17).

«Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар» («Заарият»,18).

Бошқа оятларда эса тунги вақтни бошқа вақтларга нисбатан ибодат учун маъқул вақтлиги айтилган:

«Албатта, кечки ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор. Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» («Муззаммил», 6-8).

Дуо учун маълум вақт тайин қилинмаган бўлсада, юқоридаги оятларда саҳар ва тунгги вақтга алоҳида эътибор қаратилган. Албатта, бунинг ўзига яраша ҳикматлари бор. Янги кунни Аллоҳ билан самимий алоқа боғлаб, дуо билан кутиб олган мўминнинг кун давомида Уни норози қиладиган амалларга яқинлашиш эҳтимоли камаяди. Кунни дуо, ибодат, истиғфор билан қаршилаган одам кун давомида Аллоҳ уни кузатиб турганини ҳис қилиб шунга яраша ҳаракат қилади.

Қуръонда мақталган тунгги вақт эса дунёвий ишлар орқасидан елиб кунини ўтказган кимсаларнинг ўз виждонини ҳисобга тортиш учун жуда қулай фурсатдир. Тунгги вақт кун давомида бўлиб ўтган воқеалардан ўзига яраша ҳикмат излаш, тафаккур этиш, Аллоҳга шукр қилиш учун қулай имконият яратади. Тунда ибодат учун вақт ажратган одам кун давомида қилган хатою гуноҳлари учун тавба қилиб, мағфират сўраши билан бирга навбатдаги кунда хато ва гуноҳларни нисбатан камроқ содир қилиши учун ажойиб имкон ҳозирлаган бўлади.

Дуо қилиш учун Қуръонда баён қилинган маълум макон ҳам йўқ. Одам бозорда, мактабда, иш жойида қисқаси ҳамма ерда дуо қилиши мумкин. Дуо вақтида энг муҳими Аллоҳ унга жон томирларидан ҳам яқин эканлигини унутмасликдир. Қуръонда Пайғамбарлар ҳар ерда ҳар он дуо қилганлиги шундай баён қилинган:

«(Мусо) бас, икковларига (ҳайвонларини) суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва: «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди» («Қосос»,24).

ULOSING
logo
logo
logo
logo
logo
Yuklashlar
  • Қуръонга Кўра Дуo
  • Қуръонда Дуo Қандай Англатилган
  • Дуонинг Макони ва Замони
  • Дуо Қабул Бўлмаслигидан Хафа Бўлмаслик
  • Иборали Дуо ва Феълий Дуо
  • Аллоҳдан Бошқасига Дуо Қилинмайди
  • Жоҳилларнинг Дуо Ҳақидаги Тушунчаси
  • Қуръонда Пайғамбарлар Дуолари