Энг охирги марта Аллоҳга қачон дуо қилганингизни эслайсизми? Бу саволга турлича жавоб олиниши табиий. Инсонлар албатта, ҳамма жойда, ҳар қандай вазиятда, барча истакларининг рўёби учун Аллоҳга дуо қиладилар. Аммо иймон келтирганларнинг ҳар қандай вазиятда ҳам Аллоҳга дуо қилишлари ҳақида Қуръонда алоҳида эътибор қаратилган:
“Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин. Роббимиз, албатта, Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ. Роббимиз, биз нидо қилувчининг: “Роббингизга иймон келтиринг!”- деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин. Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмасан. Роббилари уларнинг (дуоларини) ижобат қилиб: “Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман” (“Оли Имрон”, 191-195).
Булар билан ёнма-ён дуонинг энг гўзал, энг мақбул шакли борки, Қуръонда улар баён қилинган.
Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи янада кучайганда, дуо қилиш учун қандай шароит ихтиёр қилганингизни эслай оласизми? Хойнаҳой оқшом бошингизни ёстиққа қўйиб юлдузли осмонга тикилган куйи унинг чексиз-чегарасиз эканлигини тафаккур қилган ҳолда, ёки Аллоҳ билан юзма-юз қолиш имкони бўлган сокин, кимсасиз бир жойни танлаган бўлсангиз керак. Ибодат асносида маънавий ҳузур асосан ёлғиз қолганда, ҳеч ким билмаган вақтда, Аллоҳ билан танҳо, юзма-юз бўлганда сезилади. Хато ва гуноҳлари учун мағфират, эҳтиёжларининг қондирилиши учун дуо қилаётган инсон албатта, ёлғиз ҳолда дуо қилишни танлайди. Бунга бир мисол Закариё алайҳиссаломнинг дуосидир. Қуръонда унинг Аллоҳдан наслини давом эттирадиган ворис истаб яширинча қилган дуоси шундай баён қилинган:
«У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилиш-ла бадбахт бўлмаганман» (« Марям», 3-4).
Дуонинг қабул бўлиш сабабларидан бири Аллоҳга юзланувчининг кучли, ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарсадан огоҳ Зот қаршисида ўзини паст тутиб, илтижо қилишдир. Зотан самимий мўмин хоҳ дуо, хоҳ намоз, хоҳ рўза, хоҳ бошқа ибодат бўлсин ўзини Аллоҳнинг олдида ожиз, ҳақир санаб У Зотга қўрқув ва умид билан дуо қилади. Қуръонда мўминларга дуо қилиш одоби тўғрисида қуйидаги тарзда таълим берилган:
«Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошгувчиларни севмас» («Аъроф», 55).
«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма. Роббинг ҳузуридагилар, албатта, Унинг ибодатидан мутакаббирлик қилмаслар…» («Аъроф», 205-206).
Қуръонда дуони ёлғиз, махфий ва тазарруъ билан қилишга эътибор қаратилган. Шу сабабли дуо қилувчи овозини баланд қилиши, атрофида кўп одамларни жамлаши муҳим эмас. Шуни унутмаслик керакки дуода овозни баландлаштириш унинг қабулини осонлаштирмайди. Биз дуо қилаётган Роббимиз қалбимиздан ўтган туйғуларни билган, ҳамма нарсадан огоҳ ва бизга жон томирларимиздан ҳам яқиндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» («Қоф», 16).
Яратувчимизнинг бизларга шунчалик яқинлигини билиб туриб овозимизни беҳуда баландлатишнинг ҳожати йўқ. Инсон қалбан дуо қилиш билан бирга фақат ўзи эшитадиган овоз билан ҳам дуо қилиши мумкин. Қуръонда хоҳ ибодат чоғида, хоҳ ҳаётининг ҳар онида овозини меъёрда қилиш лозимлиги оятларда қуйидагича билдирилган:
«Юришда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» («Луқмон», 19).
«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут» («Исро»,110).
Кўриб турганимиздек Қуръонда таълим берилган ибодат намунаси кўз-кўз қилишдан узоқ. Бошқалар кўрсин ёки эшитсин деб қилинмайди. Фақат Аллоҳ олдидаги бурчини гўзал ҳолда бажариш мақсад қилинади. Қуръонда бунга жуда катта аҳамият берилган. Дуо билан боғлиқ оятларда қайта-қайта «Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» каломи зикр этилган.
«Сен «Роббим адолатга амр қилади. Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввал қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтасизлар», деб айт» («Аъроф», 29).
«Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг» («Ғофир», 14).
«У зот тирикдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин» («Ғофир», 65).
Ушбу оятларда зикр этилган «Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» каломидан мурод Аллоҳга динни холис тутган ҳолда дуо-ибодат қилиш, Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодга ёлғону риёни аралаштирмай дуо-ибодат қилишга чақиришдир.
Дин фақат Аллоҳникидир. Ибодатлар ҳам фақат Унинг розилигини кўзлаб қилинади. Дуо-ибодатларини бошқаларга кўрсатиш учун қилганлар ҳақида шундай дейилган:
«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки. Улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир» («Мааъун», 4-6).
Дуонинг энг биринчи ва муҳим шартларидан бири Аллоҳга бўлган мустаҳкам иймондир. Одам чорасиз қолганда Аллоҳнинг борлигини ва унга фақатгина У Зот ёрдам бериши мумкинлигини ҳис қилиши жуда муҳимдир. Лекин одам нафақат оғир дамларда, балки осойишта онларида ҳам Аллоҳнинг борлигини, Унинг буюклигини ҳис этиб дуо қилиши лозим. Аслида одам фақат дуода эмас, ҳаётининг ҳар онида буларни ҳис қилиб яшамоғи лозим. Буларни билган мўмин барча ибодатлар қатори дуони ҳам унинг мазмун моҳиятни англаб қилади. Дуо Аллоҳ билан банда ўртасида риёсиз, холис алоқа ўрнатилиши билан аҳамиятлидир. Одам барча муаммою ташвишларини, истагу эҳтиёжларини фақат Аллоҳга очиб, бу мулоқотда фақат Аллоҳ ва Унинг бандаси иштирок этади. Аллоҳ ҳам бандасининг Унга холислик, тазарруъ билан қилган илтижоларини қабул этиб, уни ноумид қилмайди.
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек дуонинг ҳеч қандай шаклий қолипи йўқ. «Намозни адо этганингиздан сўнг, Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда эсланг» («Нисо», 103) ояти, инсонни ҳар қандай шароитда ҳам Аллоҳни эслаб, Унга дуо қилиши мумкинлигини кўрсатади. Муҳими тақозо этилган вазият эмас, банданинг Аллоҳга бўлган иймону ихлоси, самимиятидир.
Айтганларимизнинг акси эса дуонинг ҳақиқий моҳиятига зид бўлиб, уни фақат маълум вақт ва шароитда бажариладиган ибодат сирасига киритиб қўяди. Унда ихлос, ишонч дуо қабулининг асосий шартларидан бўлмай қолади. Ҳатто баъзи жоҳил кимсалар дуонинг асл моҳиятини англамай уни сеҳр ва тилсимият деб ҳам ўйлашади. Дарахтларга ип боғлаш, ўзлари аниқ билмаган азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилиш, у ердаги кўл балиқларига емиш бериб фарзанд тилаш, Биби мушкулкушод маросими ўтказиб муаммоларига ечим сўраш моддиюн фикрловчи кишиларга хосдир. Эътибор берсак бундай фикрлашнинг энг муҳим сабаби Қуръон илмидан бехабар бўлишдир. Тўғридан-тўғри, ҳеч қандай воситачисиз Аллоҳга дуо қилиб сўраш ўрнига, турли-туман ботил нарсаларга ихлос қилиб ўзларини қийнашлари ачинарли ҳол. Бу амаллари билан улар кимга илтижо қилиб, кимдан сўраганликларини фарқига ҳам бормайдилар. Дуо учун қўллашган турли ботил ашёларини каромат деб эътиқод қилишади, аммо унинг нималиги сўралса тайинли жавоб бера олмайдилар. Қабр зиёратида у ерда ётганларга дуо қилиб, улардан мадад сўраганлар ҳам ботил эътиқод эгаларидир. Мўмин эса «Ва Роббингни исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» («Муззаммил», 8) амрига амал қилиб ўзининг барча ишларида Аллоҳни доимо зикр қилиш билан ёрдам сўрайди. У Зотга бутун вужуди билан илтижо чиқиб, фақат Унинг Ўзига суянади, ишларининг бирортасида ҳам Аллоҳ таолодан ўзгага суянмайди.
Қуръонда Аллоҳнинг «марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси» («Анбиё», 83) эканлиги билдирилган. Яна Қуръонда гуноҳ қилиб, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтганлар Аллоҳнинг мағфиратли ва раҳимли Зот эканлигини кўришлари билдирилган. («Нисо»,110). Шу сабабли инсон Аллоҳни раҳим қилувчи, мағфират этувчи Зотлигини ўйлаши, умид билан дуо қилиши лозим. Киши қилган хатоси туфайли ҳис қилаётган виждон азоби қанчалик катта бўлмасин, бу Аллоҳнинг чексиз мағфиратидан умид узишга сабаб бўла олмайди. Шу билан бирга кишининг хато ва гуноҳлари туфайли мавжуд руҳий ҳолати унинг Аллоҳга умид билан дуо қилишига тўсиқ бўла олмаслиги керак. Чунки Қуръонда Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш кофирларга хослиги эслатилган:
«Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Ҳақиқатан, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмларгина ноумид бўлурлар» («Юсуф», 87).
Маълумки ҳеч кимнинг жаннатга кириши учун кафолати йўқ. Бу хусусда Аллоҳ Қуръонда:
«Албатта, Роббиларининг азобидан омонлик йўқдир» («Маъориж», 28), ояти билан ушбу ҳақиқатни бандаларига билдирган. Шу сабабли барча одамлар сўнгги имконигача Аллоҳдан қўрқишлари лозим. Шундай экан, имтиҳон дунёсидаги барча одамлар Аллоҳга қалбан илтижо қилиб залолатга тушишдан, шайтонга итоат қилишдан паноҳ тилаши, Аллоҳдан ҳидоятда собит туришларини сўраши лозим. Чунки ҳеч кимнинг тўғри йўлда мустаҳкам туришига кафолати йўқ. Қалбларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қўлида бўлиб, бу ҳақда Қуръонда иймон келтирган ва илмда собит бўлган ақл эгалари томонидан қилинган қуйидаги дуога эътибор қаратилган:
«Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сенинг ўзинг кўплаб ато қилувчисан» («Оли Имрон», 8).
Албатта, илмда собит бўлган мўмин киши ҳидоят Аллоҳнинг раҳмати, нақадар улуғ неъмати эканлигини билгани боис, Аллоҳган қалбан ёлвориб ушбу ҳидоят йўлида собит қилишини сўрайди.
Мўминнинг бошқалардан энг фарқли жиҳати Аллоҳдан қўрқишида акс этади. Чунки Аллоҳга иймон келтирмаган кимсанинг жаҳаннамнинг мавжудлигига бўлган ишончи ҳам сустдир. Мўмин киши охират кунига қаттиқ ишонгани учун, бу ишонч уни мудом Аллоҳдан қўрқиб яшашга чорлаб туради. Фақатгина Аллоҳга иймон келтирган ва Роббисига қарши кибр қилишдан қўрққан, Унинг чексиз раҳматидан умидвор бўлган кишигина Аллоҳга қўрқув ва умид билан дуо қилади. Бу тарбияни ўзида шакллантиришни истаганлар албатта, Аллоҳнинг каломини, ундаги азоб ва раҳмат оятларини мудом ўқиши, уни қалбига сингдириб, амалда тадбиқ қилиши лозим. Эътибор берсак Қуръонда қўрқув ва умид оятлари ёнма-ён келади. Агар киши дуоларида қўрқув ҳис этмаса у тафакккур қилишдан йироқ турган кимса бўлади. Инсон Аллоҳга жаҳаннам азобидан паноҳ тилаб қанча кўп дуо қилса, Унинг жаннати, жамолини истаб ҳам шунча кўп дуо қилиши лозим. Яъни жаҳаннам азобидан қўқиб, жаннатга киришни умид қилиши лозим. Бу ҳолат Қуръон оятларида қуйидагича баён қилинган:
«Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир» («Аъроф», 56).
«Уларнинг ёнбошлари ётар жойидан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига Биз ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар» («Сажда», 16).
Кўриб турганимиздек қўрқув ва умид Қуръонда таълим берилган дуонинг икки тамалидан биридир. Қуръонни диққат билан ўқисак, уни тафаккур қилсак барча ибодатлар ва ҳаётнинг ҳар лаҳзасида бу икки туйғунинг аҳамияти буюк эканини тушуниб етамиз. Унутмаслик керакки, дуо абадий ҳаётимизда нажотга етаклайдиган ибодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақиқатни қуйидагича баён қилган:
«Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менга ибодатдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» («Ғофир», 60).
Аллоҳнинг исмлари бизга У Зотнинг сифатларини ўргатади. Мисол учун Аллоҳ - Раҳмон – кофиру, мўминга меҳрибон, неъмат берувчидир. Ҳакам – ҳукм қилувчи, Раззоқ – ризқ берувчидир…. Бу исмлар бизга Роббимизни танитгани учун одам уларни ёдга олганда У Зотнинг буюклигини, яқинлигини, меҳрибонлигини ва бошқа яна қанчадан-қанча сифатларини эслайди. Аллоҳдан ризқ истаган Унинг «Раззоқ» исмини, мағфират истаган «Ғофурур Роҳийм», «Таввабур Роҳийм» каби исмларини ёдга олиб дуо қилади. Бундай дуо қилиш албатта, дуо қилиш шартига мос келади. Қуръонда Аллоҳга Унинг исмлари билан дуо қилиш айтилган:
«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг» («Аъроф»,180).
«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт» («Исро»,110).
Аллоҳнинг барча сифатларини билган одам хато ва гуноҳларини Аллоҳдан яширишга уринмайди. Чунки яширса ҳам ошкор қилса ҳам Аллоҳ ҳамма нарсани кўрувчи ва билувчи эканини фикрлайди. Хатоларини яширишга уриниши беҳуда эканини билган одам кучини беҳуда бўш нарсага эмас, балки Аллоҳдан мағфират сўраб, истиғфор айтишга сарфлайди. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз дуоларини қуйидагича бошлаганлиги Қуръонда шундай билдирилган:
«Эй Роббимиз, албатта, Сен ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам билурсан. Аллоҳ учун еру осмондаги бирон нарса махфий эмас» («Иброҳим», 38).
Мўмин кишига эҳтиёжи, нияти ўзига нақадар имконсиз туюлсада ҳамма нарса Аллоҳнинг назоратида эканини, имконсиз кўринган ҳар нарса Аллоҳнинг биргина «Бўл» деган амри билан амалга ошишини билади. Шу сабабли Аллоҳнинг неъматларига етишиш учун ҳар қандай оғир ҳолатни тўсиқ деб ҳисобламайди. Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч ва ихлос билан қилган дуоси ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишига астойдил ишонади.
Истак ва эҳтиёжларимизни Аллоҳга билдиришда бизларга Қуръонда Пайғамбарлар, мўминлар ва фаришталар тилидан қилинган дуо одоби баён қилинган. Улар ўз эҳтиёжларини Роббиларига баён қилганда У Зотнинг сифатларини тилга олишган. Уларнинг бир нечтасини кўрсатиб ўтиш кифоя.
Закариё алайҳиссаломнинг дуоси:
«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан» («Оли Имрон», 38).
Сулаймон алайҳиссаломнинг дуоси қуйидагича эди:
«Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, Сен кўплаб атоларни бергувчисан» («Сод», 35).
Исо алайҳиссаломнинг дуоси:
«Роббимиз, Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгин, у аввалимизгаю охиримизга байрам бўлиб қолсин. Сендан мўъжиза бўлиб қолсин. Ва бизга ризқ бергин, зотан Ўзинг энг яхши ризқ бергувчисан» («Моида», 114).
Мўминларнинг дуоси:
«Эй Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, мағфират қил, албатта, Сен барча нарсага қодирсан» («Таҳрим», 8).
Дуо деганда фикримизга дастлаб Аллоҳни ёдга олиш, У Зотга эҳтиёжларини билдириш, истакларини сўраш, гуноҳлари учун мағфират тилаш кабилар келади. Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса дуода самимий бўлиш лозим. Айрим кишилар дуони ихлос билан бажариладиган ибодат эмас, балки маълум қолипга тушган сўзлар тизими, маъносини дуо қилаётган кишининг ўзи ҳам унчалик тушуниб етмайдиган, ҳар сафар қайта-қайта айтиладиган сўзларнинг такрорланиши, шунга ўрганиб қолиш ёки анъана деб ўйлашади. Аллоҳнинг буюклигини ҳис қилган, Унинг азобидан қўрққан ва розилигини топишни истаган одам қалбидан келган самимий ва табиий ифодалар билан У Зотга юзланади. Ўзини Аллоҳга топширган, дўст ва ёрдамчи сифатида фақат Уни танлаган одам, қалбида тўлиб-тошган самимий ифодалар билан дардини фақат Унга айтади ҳамда Ёқуб алайҳиссалом каби барча дарду аламини фақатгина Аллоҳга билдириб, Ундан ёрдам сўрайди:
«...Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман….» («Юсуф, 86»).
Дуо қилувчи самимий бўлмаса, дуони бажарилиши керак бўлган расмий иш ёки қабул бўлиш - бўлмаслиги аниқ бўлмаган нарса деб эътиборсиз қараса, асосан бир қолипга тушган ибораларни қўллайди. Нима деётганини ўзи ҳам тушунмаётган бир қанча чиройли сўзларни айтиб ўзича дуо қилган бўлади. Бу Қуръонда таъриф этилган дуо эмаслиги аниқ. Ваҳоланки дуо банданинг Ўз Роббиси билан самимий мулоқотидир. Ҳар бир одамнинг муаммолари, истаклари, орзулари, руҳий ҳолати бир хил эмас. Дуо вақтида сўзлар эмас , дуо қилувчининг ўша вақтдаги руҳий ҳолати муҳимдир. Қуръонда баён қилинган дуоларнинг ҳеч бирида бу услуб кўринмаган. Пайғамбарлар, фаришталар, мўминлар тилидан қилинган дуо намуналарида фақатгина руҳий ҳолатдан келиб чиққан самимий қалб ифодалари, илтижоларини кўрамиз.
Инсон табиатан шошилувчидир. Баъзан фитратидаги бу шошқалоқлик юзага чиққанда, ҳатти - ҳаракатларининг оқибатини ўйламасдан иш тутади. Ҳар нарсани нозик жиҳатларигача билувчи Роббимиз Ўзининг китобида шундай марҳамат қилган:
«Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир. Мен, албатта, сизларга Ўз оят-аломатларимни кўрсатурман. Бас, мени шошилтирманглар» («Анбиё», 37).
Инсон табиатидаги шошқалоқлик асосан дунёвий неъматларни қўлга киритишда янада кўпроқ юзага чиқади. Албатта, ҳар бир одам Аллоҳнинг неъматлари ва жаннатига рағбати кучли. Жаннат неъматларига ўхшаш баъзи неъматларнинг бу дунёда ҳам мавжудлиги, жаннатнинг қандай маскан эканлигини тасаввур қилиш ва унга бўлган рағбатни янада кучайтириб солиҳ амаллар қилишга чақиришдир. Бу неъматларга бўлган кучли истак ҳамда шошқалоқлик туфайли киши уларни тезроқ қўлга киритишни хоҳлайди. Бу шошқалоқлик дуоларда ҳам ўз аксини топади. Дуо қилгандан сўнг уни тезроқ қабул бўлишини истайди. Дуонинг қабули кечикса «Дуо қиляпман, лекин қабул бўлмаяпти», деган нотўғри хаёлларга боришади. Шошқалоқлик, сабрсизлик вақти-вақти билан ноумид бўлишга, ҳатто дуо қилмай қўйишгача олиб келади. Аслида мўмин ўзи учун нима яхши ва нима ёмон эканлигини жуда яхши билувчи Аллоҳ эканини эсда тутиши лозим. Бу ҳақиқатни Аллоҳ шундай билдирган:
«...Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз» («Бақара», 216). Шу сабабли банда Аллоҳдан бир нарса истаган вақт унинг оқибатини Аллоҳга ҳавола этиши ва сабр қилиши лозим. Балки дуо қилиб истаган нарсасида унинг учун яхшилик йўқдир. Балки дуо қилган нарсасига эришиш учун маънавий камолликка етишиш, бунинг учун маълум муддат ўтиши зарурдир. Балки Аллоҳ унга сўраганидан ҳам яхшироғини ато этиш учун сабрини синаётгандир. Шу сабабли мўмин у ишни Аллоҳга ҳавола этиши, Ундан хайрли оқибатларни сўраб дуо қилиши зарур. Бу йўлда фақат сабр керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда ибодатда сабрли бўлишга эътибор қаратиб шундай марҳамат қилган:
(«Бақара», 45)
Қуръонда барча ибодатлар каби дуода ҳам азму қарорли бўлиш мақталган. Чунки дуода сабрли бўлиш мўминни янада комиллаштиради, кучли ирода эгаси қилади. Сабр билан дуо қилиш унда исталган эҳтиёжлар, муаммоларнинг ечими билан бирга энг муҳим нарса Аллоҳга бўлган яқинликни тақозо этади. Дуода сабрли бўлган мўмин дуо қилиб истаган нарсасидан ҳам афзал нарса - кучли маънавий озуқа топади.
Пайғамбарларнинг баъзилари талабларини йиллар давомида дуо орқали Аллоҳдан истаб келишган. Аллоҳ эса уларнинг баъзиларининг истагини тез, баъзилариникини эса йиллар ўтганидан сўнг берган. Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғли Юсуф алайҳиссалом билан дийдорлашиши, Юсуф алайҳиссаломнинг йиллар давомида ётган зиндондан чиқиб мулк эгаси бўлиши, Айюб алайҳиссалом етган зарардан раҳимлиларнинг раҳимлиги бўлган Аллоҳга қилган дуолари кўп йиллар ўтгандан сўнггина қабул бўлган. Иброҳим алайҳиссалом зурриётларидан мусулмон уммат чиқишини, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юборишни сўраб қилган дуосини эса Аллоҳ кўп асрлардан сўнг ижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборган. Бундан кўриниб турибдики, чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади, лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Албатта, Қуръондан келган бундай мисолларда буюк сабр намунасини кўриш мумкин. Аллоҳ солиҳ бандаларининг дуоларини маълум вақт ўтгандан сўнг қабул қилиш билан уларга хайр истаган. Бу муддат ичида улар янада комиллашган, тарбияланган, садоқат ва ихлослари янада мустаҳкамлашган, жаннатга лойиқ кишилар қаторидан ўрин олганлар. Кўриниб турибдики дуонинг натижасини кўриш учун шошилиш мўминга асло хос эмас. Мўминнинг ягона вазифаси Яратувчисига итоат этиш, ўзи учун аталган тақдирга рози бўлишдир. Ана, мўмин кишининг дуосини Аллоҳ ўз вазифасининг бир қисми сифатида адо этади.
Дуода дунёвий ҳаётимиз билан боғлиқ нарсаларни сўраймизми ёки дунёдан кечиб фақат охират талабида бўламизми? Албатта, Аллоҳнинг холис бандалари учун ҳар иккисида ҳам хайр бор. Маълумки, дунё ҳаёти мутлақо якун топадиган жуда қисқа ҳаётдир. Лекин ундаги ҳар бир неъмат кишининг Аллоҳга яқинлашиши ва шукр қилиши учун сабаб бўла олиши мумкин. Ундаги баъзи неъматларга қараб жаннат ва ундаги неъматлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин. Ундаги осмон, ер, қуёш, ой, юлдуз каби санаб саноғига етиб бўлмайдиган бошқа неъматлар эса Аллоҳнинг биру борлиги, ҳар нарсага қодирлигини тафаккур қилишга чақиради. Қуёшнинг ботиши, куннинг тун билан ўрин алмашиши, юлдузларнинг пайдо бўлиши, яна тонг отиши, қуёш чиқиши каби кўзимиз ўрганиб қолган ҳодисаларда эса оламнинг ягона бошқарувчиси борлиги, Ундан бошқа ҳеч нарсанинг боқий эмаслигини исботлайди. Албатта, тафаккур қилувчилар буларнинг барини кўрганда Аллоҳни поклаб ёд этадилар, Унинг чексиз қудрати олдида бош эгадилар. Бу эса Аллоҳга маънавий яқинликни тақозо этади. Шу сабабли Аллоҳ Қуръонда мўминларга ҳам дунё, ҳам охират учун дуо қилиш кераклигини билдирган. Фақат дунё ҳаётининг ўткинчи матоҳларига алданиб қолишдан қайтаради. Ўз китобида эса шундай марҳамат қилган:
«…Одамлардан баъзилари: Роббимиз бизга бу дунёда бергин», дейдир ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейдир. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир» («Бақара», 200-202).
Албатта, ҳар бир одам ўз дунёқараши, эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб дуо қилади. Кимни нима қизиқтирса, нима билан машғул бўлса, нимага кўп вақт ажратса қилган дуоси ҳам асосан ўшалар билан боғлиқ бўлади. Аллоҳ розилигини мақсад қилган мўминнинг истаги У Зотнинг амрларни бажариш бўлиб, дуоси ҳам шу билан боғлиқ бўлади. Бундайлар ўз дуоларида Аллоҳдан Ўзини рози қиладиган солиҳ амалларни қилишга муваффақ этадиган имконият, куч ва қувват ва бу йўлда собит туришни сўрайдилар.
Аллоҳ истаса кишининг дунё билан боғлиқ дуолари қабул бўлади, аммо аввал айтганимиздек унинг оқибати хайрли бўлмаслиги мумкин. Пул, мол-дунё учун дуо қиладилар. Лекин у эътиқоди суст одамни гуноҳга етаклайдиган, тўғри йўлдан чиқишига сабаб бўладиган восита бўлиши ҳам мумкин. Дунё ҳаётининг жозибадор, жалб қилувчи эканлиги ҳақида Қуръонда шундай дейилган:
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса, ҳуснли қайтар жой бор» («Оли Имрон», 14).
Дунёвий истак ва хоҳишларнинг юзага чиқишида албатта яхшилик ҳам бўлади. Аллоҳдан мулк истаб ниятига етган ҳамда ундан Аллоҳ йўлида савобли ва хайрли амаллар қилаётган кишилар орамизда йўқ эмас. Дунёвий истакларнинг ҳаммаси ҳам ёмонликка етаклайвермайди. Бу дунёни ғанимат билиб, моддий, жисмоний, маънавий имкониятларидан имкон қадар кўп фойдаланиб Аллоҳ розилигини кўзлаган кимсалар учун дунёвий неъматлар Аллоҳнинг лутфидир. Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўлган ҳолда У Зотга қарши борадиган, мутакаббирлик қиладиган кимсалар учун эса бу неъматлар ҳалокатдан ортиқ нарса эмас.
Шундай инсонлар бўлганки уларнинг дунёвий исталари охиратлари учун ҳам манфаат берган. Албатта бу муборак бандалар Аллоҳнинг Пайғамбарларидир. Улар бу дунёнинг ўткинчи матоҳларини фақат Аллоҳ розилигини мақсад қилиб сўрашган. Чунки уларнинг истакларининг бари Аллоҳ розилигини топишга қаратилган. Ҳеч бир Пайғамбар номим сақланиб қолсин деб Аллоҳдан зурриёт сўрамаган. Фарзандни фақат ўзларидан кейинги иймон келтирган зотлар учун йўлбошчи бўлишини истаб сўрашган. Қуръони каримда баён этилган Анбиёлар қиссасига эътибор қаратсак улар ўзларидан кейин қоладиган зурриёдларини фақат Аллоҳ розилигини кўзлаган ҳолда талаб қилишган. Қуръонда Закариё алайҳиссаломнинг Аллоҳдан фарзанд исташлари баён қилинган. Ундан келиб чиқадиган мазмунга кўра Имроннинг хотини, Биби Марямнинг оналари ҳомиладорлик вақтида холис ният билан қоринларидаги фарзандни ибодатхона хизмати учун назр қилади. Вақти-соати етиб Биби Марям дунёга келади. Аллоҳ уни жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстиради ва Закариё алайҳиссаломни унга кафил қилади. Закариё алайҳиссалом қачон Марямнинг олдига кирсалар, унинг ҳузурида ризқ кўрар эдилар. Бу ҳолатдан хайрон бўлган Закариё алайҳиссалом Марямдан: «Сенга бу қаердан келди?», деб сўрайдилар. Марям эса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деб жавоб қилган. Буни кўриб туриб бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонади ва Аллоҳга рағбат ва қўрқув билан қуйидагича дуо қилади:
«Роббим, Ўз ҳузурингдан покиза фарзанд ато эт. Албатта, Сен дуо-илтижоларимни эшитувчисан» («Оли Имрон»,38). Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломнинг дуоларини қабул қилиб, қариган чоғида унга Яҳё алайҳиссаломни ҳадя этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«Бас, Биз уни (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар» («Анбиё», 90).
Сулаймон алайҳиссалом қиссасида ҳам мўминлар учун ибрат бор. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга гижинглаб турган учқур отларни кўрсатади. Ул зот отларни завқ билан томоша қилиб қуёш ботганини ҳам сезмай қоладилар. Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳнинг зикридан чалғитган бу отларни қурбонлик қилиб сўйиб юборадилар. Аммо бу отларни кўрган Сулаймон алайҳиссалом Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу қиладилар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларига назар солсак, Унда ҳам Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарса мақсад қилинмаганлиги яққол кўринади. «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг эшитувчи, билувчи Зотсан. Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳимли Зотсан» («Бақара», 127-128).
Фақат дунё неъматларини истаб дуо қилиш мўминга хос эмас. Мўминларнинг асл юрти охиратдир. Шундай экан асл юртини унутиб дуоларини фақат ўткинчи ҳаётга боғлаш жоиз эмас. Аллоҳдан ҳам дунё, ҳам охирати учун яхшилик сўралиши лозим.
Маълумки Аллоҳнинг бировга берган неъматига ҳасад қилмаслик улкан фазилатдир. Бу фазилатдан йироқ жоҳил, худбин кимсалар давлат, мартаба, хотиржамлик каби неъматларни фақат ўзларидагина бўлишини хоҳлайдилар. Вақти-вақти билан яқин дўстлардек кўринган одамлар, ҳатто қариндошлар орасида ҳам хасад туфайли келиб чиққан низолар, жанжаллар бунинг мисоли бўла олади.
Қуръонда мақтаб васф этилган асл мўмин ҳам дунё, ҳам охират неъматларини бошқалар билан баҳам кўришни истайди. Мисол учун саодат асрида Маккалик муҳожирларга Мадиналик ансорлар томонидан қилинган фидокорликлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
«У (муҳожир)лардан аввал бу жой (Мадийна)да яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Улар юртларига ҳижрат қилиб келганларни севарлар ва уларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир» («Ҳашр», 9).
Мўминларнинг ўзаро ғамхўрликлари, бир-бирларига яхшилик қилиш учун астойдил ҳаракат қилишлари Қуръоннинг бошқа оятида шундай васф қилинган:
«Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳим қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли Зотдир» («Тавба», 71).
Мўминларнинг ўзаро ғамхўрликлари албатта, уларнинг дуоларида ҳам ўз ифодасини топган. Энг аввало эътиборни жалб этадиган нарса Қуръонда баён қилинган, мўминлар тилидан қилинган дуоларда Аллоҳга «мен» эмас, «биз» деб кўпчилик учун илтижо қилинганини кўрамиз. Яъни Аллоҳга юзланган мўмин фақат ўзи учун дуо қилмайди. Албатта, фақат ўзи учун дуо қилиш керак бўлган ҳолатлар ҳам бўлади. Лекин ўз истаклари билан ёнма-ён бошқа мўминлар учун ҳам дуо қилиб, Аллоҳдан ёрдам сўраш Қуръонда ибрат қилиб кўрсатилган фазилатдир. Қуйидаги оятларда улардан намуна кўрсатилган:
«Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳим эт. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил» («Бақара», 286 ).
«Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сенинг ўзинг кўплаб ато қилувчисан» («Оли Имрон», 8).
«Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик. Бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва дўзах азобидан сақлагин» («Оли Имрон», 16).